Қидириш   

Тадбиркорларга кенг имконият
10 ноябрь 2014,   кўрилган: 1635

Тадбиркорларга кенг имконият Мамлакатимизда хусусий тадбиркорликка катта эътибор қаратилиши ишлаб чиқариш ва сервис хизмати кўрсатиш борасида юксак натижаларга эришилишига асос бўлмоқда. Бу тиббиёт соҳасида ҳам яққол кўзга ташланади. Тадбиркорликни ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимлар салоҳиятини ошириш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва галдаги вазифалар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида бўлиб ўтган семинар жараёнида атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар ишида вилоят ҳокимлиги Иқтисодиёт бошқармаси ва Ташқи-иқтисодий алоқа ва инвестиция савдо бошқармаси, Адлия бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят худудий бошқармаси; Рақобат бошқармаси давлат қўмитаси Навоий вилояти худудий бошқармаси, вилоят Давлат солиқ бошқармаси, Марказий банкнинг вилоят бошқармаси мутахассислари, вилоятда хусусий тиббий фаолият билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда йирик бизнес билан шуғулланадиган тадбиркорлар, Конимех, Нурота ва Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирок этишди.
Семинарни вилоят ҳокимининг ўринбосари У. Раззоқов қисқача кириш сўзи билан очиб, хусусий тиббий фаолиятни лицензиялаш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги муаммоларга (рухсат этилган тиббий ихтисосликлар, лицензиялаш ва сертификатциялаш), хусусий тиббиётни молиялаштириш (кредит ресурсларидан фойдалана олиш, молиялаштириш манбалари, ҳорижий шерикларнинг мавжудлиги, чет эл инвесторларни жалб этиш имкониятлари), кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва хавфсизлиги, аввало юқумли касалликларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган масалалар хусусида тўхталиб ўтди.
Семинар ишида иштирок этган республика Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Л. Тўйчиев сўзга чиқиб, 2014 йилнинг 1 октябри ҳолатида республика бўйича 2514 та лицензияланган хусусий тиббиёт муассасалари фаолият юритаётгани, уларда 24,6 минг нафар фуқаро, жумладан 9,2 минг врач меҳнат қилаётгани, жами хусусий тиббиёт муассасаларидан 17 таси (ёки 1%) чет эл инвестицияси ҳисобига шакллантирилгани, ўтган йил хусусий тиббиёт муассасаларида 1,5 миллион нафар фуқарога хизмат кўрсатилганлиги ва хусусий тиббиёт муассалари олдида турган вазифалар хусусида ўз фикрларини баён этди.
Тадбирда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчиларга кенг шароитлар, имтиёзлар берилганлиги борасида сўз борди. Жумладан, тадбиркорлар қиймат солиғи ва бошқа маҳаллий солиқлар, тўлашдан озод этилиб, бўшалган маблағлар, тиббий асбоб-ускуналар сотиб олишга қаратилди. Президент фармонига асосан, импорт қилинган тиббий асбоб-ускуналар ва реагент ҳамда зарур материаллар божхона тўловидан озод қилинди. Солиқ, статистика ва бошқа давлат органларига топширилиши лозим бўлган даврий ҳисоботлар соддалаштирилди. Тиббий фаолиятга лицензия олиш учун бериладиган ариза электрон шаклда қабул қилишда ҳамда “бир дарча” тамойили жорий этилди. Тиббий фаолиятга лицензия олиш учун бериладиган аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори 2,5 баробарга камайтирилди.
Ёш шифокорларнинг хусусий тиббиёт муассасаларда ишлаш имкониятларини кенгайтириш учун магистратурани, клиник ординатурани тугатганлар, ҳамда стоматологлар учун 3 даражадаги малака тоифаси киритилди. Лицензия олишда топширилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони 9 тадан 6 тага камайтирилди
Семинарда хусусий тиббиётни ривожлантириш ҳамда тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратиш кўзда тутилган тадбирлар дастурига эътибор қаратилди, бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалар юзасидан кўрсатмалар берилди.
Семинар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |