Заҳарланишдан эҳтиёт бўлинг!
18 апрель 2017, кўрилган: 927
Баҳор мавсумининг дастлабки кунлари серёғин келиб, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши билан қир-адирлар, истироҳат боғлари, аэропорт майдонлари ва магистрал йўл ёқаларида турли хилдаги қўзиқоринлар ўсиб чиқиши учун шароит вужудга келган. Мавжуд экологик вазият натижасида табиий шароитда ўсиб чиқаётган истеъмолга яроқли бўлган замбуруғлар заҳарли хусусиятга эга бўлиши йиллар давомида кузатиб келинмоқда.Маълумотларга кўра, ер юзида қўзиқоринларнинг юз мингдан ортиқ ботаник турлари мавжуд бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида уларнинг 300 дан зиёд тури мавжуд. Бироқ шулардан атиги 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади. Замбуруғлардан заҳарланишнинг олдини олиш учун заҳарлиларини ажрата билиш керак. Номаълум, пишиб кетган, чириган замбуруғларни термаслик лозим. "Қурбақасалла", "мухомор", "сохта шампиньон" кабилар заҳарли замбуруғларга киради. Битта "қурбақасалла" замбуруғи катта ёшдаги одамни бемалол заҳарлаб ўлдириши мумкинлигини унутманг! У бурмали замбуруғлар турига кириб, ташқи кўринишидан "шампиньон"га ўхшайди. Заҳри иссиқ ва ҳаво кислороди, овқат ҳазм қилиш ферментларига чидамли бўлиб, асосан, жигар ҳужайраларини заҳарлайди. Одам заҳарланганда 6-48 соатдан сўнг қоринда қаттиқ оғриқ, кучли ич кетиши кузатилади. Кучли чанқаш, қаттиқ ҳолсизланиш, бош айланиши, тери оқариши, ҳарорат кўтарилиши кузатилади. Бемор бўшашган, ланж бўлади ёки аксинча безовта, қўзғалувчан бўлиб қолади.
Мушаклар тортишиши, талвасага тутиши ҳам мумкин. Биринчи сутка охирида қовурға пастидаги оғриқ, тери шиллиқ қаватларининг сарғайиши каби аломатлар билан кечувчи жигар етишмовчилиги рўй бериб, у ўлимга олиб келиши мумкин.
Заҳарланганда дастлаб зудлик билан ошқозон ювилади. Ярим литр совуқ сувга бир чой қошиқ истеъмол содаси қўшиб, оч-пушти рангли марганцовка эритмаси беморга ичирилади. Муолажа камида 2-3 марта қайтарилиши шарт.
Беморда кескин ҳолсизланиш, тинмай қусиш, алаҳлаш кузатилса, дарҳол "Тез ёрдам" чақирилиб, шифокорга вазият тушунтирилади. Шифокор келгунига қадар беморни ёнбошлатиб ётқизиб, оғиз бўшлиғи бинтда артиб турилади.
Табиий ҳолда ўсган замбуруғларнинг ноқонуний савдосига барҳам бериш мақсадида тегишли идоралар томонидан тадбирлар амалга ошириш муҳимдир. Ўз навбатида, аҳоли ҳам ҳар қандай замбуруғни харид қилишдан аввал уни истеъмолга яроқли ёки яроқсизлиги ҳақидаги ҳужжатни сўрашни унутмаслиги лозим. Бепарволик соғлигингизга панд бермасин!
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.
Бўлими : Янгиликлар |
info |