Қидириш   

» » Мақсад сари олға, битирувчилар

Мақсад сари олға, битирувчилар
15 январь 2018,   кўрилган: 840

Бу йил биринчи марта тиббиёт йўналишидаги олий таълим даргоҳларида таълим олаётган 7-курс бакалавр ҳамда клиник ординатура йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиши муддатидан 5 ой олдин якунланди. 

Ўтказилаётган ушбу тадбирларда битирувчилар муддатидан аввал "Шифокорлик қасамёди”ни қабул қилиб, талабалик дипломига эга бўлдилар.

Вилоятимизда ҳам ушбу тантанага кенг ҳозирлик кўрилди. 75 нафар бакалавр ҳамда 19 нафар клиник ординатура битирувчилари катта шодиёна билан кутиб олиниб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Фахридин Солиев, Самарқанд давлат тиббиёт институти кафедра мудири Ислом Шоматов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Фарход Ғаффоров ҳамда тиббиёт фахрийлари сўзга чиқиб, битирувчиларни қутлади.

Шуни мамнуният билан айтиш жоизки, Юртбошимиз кўрсатмаларига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган  ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз тиббиёти олдида турган муҳим масалалар – кадрлар етишмаслиги, жойларда аҳолига етарли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш кўлами тубдан яхшиланди.

Бир сўз билан айтилганда, ёш мутахассисларга бириктирилган ҳудудларига бориб жойлашиши ва ишлашлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари, битирувчилар учун доимий равишда алоқа ўрнатиб туришни таъминлаш мақсадида таълим муассасаси томонидан ҳар бир мутахассисга масъул шахслар бириктирилди.

– Ҳақли равишда бахтли дея эътироф этилаётган бугунги битирувчилар қаторида мен ҳам шифокорлик бурчини сидқидилдан, виждонан адо этиш сари дастлабки қадамни қўймоқдаман, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти клиник ординатура битирувчиси Ҳуррият Тиллаева. – Бунинг учун, аввало, биз ёш кадрларга юксак ишонч билдириб, улкан имкониятлар яратиб бераётган Президентимизга ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига миннатдорлик билдираман. Ота-онам, халқимиз ва бизни олий маълумотли шифокор бўлиб етишишимизга ҳисса қўшган профессор-ўқитувчиларимизга бу ишончни, албатта, оқлаймиз деб ваъда бераман.

Эслатиб ўтамиз, мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 12 декабрь куни мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишлаб ўказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.

– Мен педиатр врач бўлиб, Навбаҳор туманидаги "Хашман” қишлоқ оилавий поликлиникасига йўлланма олдим, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти битирувчиси Жасур Тошпўлатов. – Устозларимиздан олган билимларимизни амалиётда қўллаб, халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга, уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга астойдил ҳаракат қиламиз. Биз ёш кадрларга билдирилган юксак ишончни оқлаб, етук мутахассис бўлишга ваъда берамиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тиббий таълимни комплекс ривожлантириш, шу билан бирга аҳолини тиббий хизматлар билан тўлиқ қамраб олиш ҳамда ҳудудлардаги кадрлар етишмаслигига оид муаммоларни бартараф этишга қаратилган ушбу эзгу фаолиятлар ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз. Зеро, ёш мутахассислар томонидан билдирилган ишонч ва масъулиятни оқлашга берилган самимий ваъдалар фикримиз тасдиғидир. Қолаверса, амалдаги мазкур фаолиятлар битирувчиларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, пировардида юқори малакали тиббиёт кадрлари бўлиб етишишига хизмат қилади. Энг муҳими, бу билан жойлардаги тиббиёт муассасаларидаги кадрларга бўлган эҳтиёж жорий йилнинг ўзида 65 фоизга қисқарибгина қолмай, аҳоли репродуктив саломатлиги ва тиббий профилактика ҳолати сезиларли даражада яхшиланади. Шундай экан, мазкур ислоҳотлар самарадорлигини инобатга олиб, биз ҳам ёш мутахассисларга келгусидаги шарафли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаган ҳолда, ҳар бир бемор қалбига, аввало, ишонч, сўнг дардига шифо улашиш йўлидаги ўз бурчини фидойиларча адо этишига ишонамиз. 

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |