Қидириш   

Янги қонунлар ўрганилди
06 февраль 2017,   кўрилган: 1092

Янги қонунлар ўрганилдиНавоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”нинг мажлислар залида “Қонун ижодкорлиги, қабул қилинган қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш, шунингдек, уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш масалалари” мавзуида вилоят семинари бўлиб ўтди.
Навоий шаҳар ҳокими Неъматилло Ахатов олиб борган тадбирда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг ҳоким ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, депутатлар, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари иштирок этди.
Семинарда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ф. Усмонов сўзга чиқиб, қатнашчиларни “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан таништирди. Қонунга фармакологик ёки дори воситаларини ишлаб чиқариш, ушбу воситаларни клиник тадқиқотлардан ўтказиш бўйича алоҳида моддалар киритилганлигини қайд этди. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш, ташиш ва йўқ қилиш, ушбу маҳсулотларни юртимизга олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби билан боғлиқ янгиликлар жорий этилганлиги хусусида маълумотлар берилди. Бундан мақсад дори воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва фармацевтика саноатида ишлаб чиқаришни ривожлантиришдир.
Бугунги кунга қадар дори воситалари ва тиббий буюмлар Давлат реестрига 7228 номдаги дори воситалари, 853 номдаги тиббий буюмлар ва 1055 номдаги тиббий техника киритилган.
Семинарда янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиш зарурати тўғрисида атрофлича сўз юритилди. Жумладан, аввалги қонуннинг кўпгина нормалари эскирганлиги ва бугунги кун талабига тўла жавоб бермай қолганлиги, шунингдек, халқаро амалиётда қўлланиб келинаётган айрим ҳуқуқий муносабатлар ва умумэътироф этилган норма ва принциплар инобатга олинмаганлиги қайд этилди.
Янги қонуннинг аввалгисидан фарқи хусусида ҳам тўлиқ маълумот берилди. Асосий тушунчалар еттитага қисқартирилганлиги, ўнта янги моддалар киритилганлиги, қолган моддалар халқаро тажрибани, соҳанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилганлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи М. Турдиевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуни ҳақидаги маърузаси тингланди. Янги таҳрирдаги Божхона кодекси 12 бўлим, 59 боб ва 412 моддадан иборат. Унда божхона фаолиятига доир тушунчалар аниқ ва тушунарли тарзда баён этилган: Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди ва чегараси, божхона мақсадлари, юридик ва жисмоний шахслар, товарнинг кузатув ҳужжатлари кабиларга тўлиқ изоҳ берилган.
Божхона режимлари кодексдан кенг ўрин олган. Булар – экспорт, реэкспорт, вақтинча олиб чиқиш, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш, эркин муомалага чиқариш (импорт), реимпорт, вақтинча олиб кириш, божхона ҳудудида қайта ишлаш, вақтинча сақлаш, божхона омбори, эркин омбор, эркин божхона зонаси, бож олинмайдиган савдо, божхона транзити, йўқ қилиш, давлат фойдасига воз кечиш кабилардир.
Тадбирда бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг янгидан қабул қилинган “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги ва бошқа қонунлари хусусида ҳам тушунчалар берилди.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |